Buxorolik o‘quvchilarning muvaffaqiyati

Fizika, matematika va informatika bo‘yicha Qozog‘istonda bo‘lib o‘tgan xalqaro fan olimpiadasida o‘n besh mamlakatdan vakillar ishtirok etdi. Unda Buxoro davlat universiteti qoshidagi 3-Qorako‘l akademik litseyi o‘quvchilari yurtimiz sharafini munosib himoya qildi.

O‘n birinchi bor o‘tkazilgan olimpiadada mazkur litsey o‘quvchilari Jamshid Yaxshiyev va Suhrob Jo‘raqulov matematika fani bo‘yicha bronza va kumush medallarini qo‘lga kiritdi. Bu yutuq Qorako‘l akademik litseyi o‘quvchilarining nufuzli bilimlar ko‘riklaridagi ilk muvaffaqiyati emas. Litsey o‘quvchilari xalqaro fan olimpiadalarida fizika, matematika va kimyo fanlari bo‘yicha o‘ttiz uchta medalga sazovor bo‘lgan.

– Prezidentimiz rahnamoligida mamlakatimiz ta’lim tizimida amalga oshirilayotgan izchil islohotlar o‘z samaralarini berayotir, – deydi akademik litsey direktori, O‘zbekiston Respublikasi xalq o‘qituvchisi To‘xtamurod Jumayev. – Alohida e’tibor, ta’lim muassasalari moddiy-texnik bazasining mustahkamlanayotgani o‘quvchilarning intellektual salohiyatini yanada yuksaltirish, yuksak marralarni zabt etishida muhim ahamiyat kasb etmoqda.

E.Yodgorov, O‘zA

Posted in Maktabimiz haqida, OAV biz haqimizda, Qiziqarli | Comments Off on Buxorolik o‘quvchilarning muvaffaqiyati

МАКТАБ ЯРАТГАН МУАЛЛИМ! (ОЧЕРК)

Тўхтамурод муаллим билан бундан бир неча йил муқаддам, 2005 йил сентябрь ойида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Жиғачишлоғида – тўйда танишгандик. Бу тўйда унга Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени сохиби, хурматли устоз, ардоқли меҳмон, дея аҳли даврага таништириб, ёшларни қутлаш учун сўз беришди.

Муаллифдан

ИЛМ ОЛАМИГА БАХШИДА УМР

Тўхтамурод муаллим билан бундан бир неча йил муқаддам 2005 йил сентябрь ойида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Жиғачи қишлоғида тўйда танишгандик. Бу тўйда унга Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, ҳурматли устоз, ардоқли меҳмон, дея аҳли даврага таништириб, ёшларни кутлаш учун сўз беришди.Ўшанда қоракўлликларнинг бу оқкўнгил, хокисор инсонни нақадар ҳурмат қилиши ва эъзозлаши, у яратган мактабдан нихоятда фахрланишининг шоҳиди бўлгандим. Шу аснода ўртамизда мустаҳкам дўстлик ришталари пайдо бўлди…
Тўхтамурод муаллим мамлакатимизда, чет-элларда овоза бўлган, меҳнатлари аллақачон катта-кичик давраларда эътироф қозонган булсада жуда камтарин инсон.
Қорачадан келган, ўрта бўйли, сочларига бироз оқ оралаган, доимо майин жилмайиб тургувчи бу инсоннинг чехрасидан самимият балқиб, меҳр ва зиё таралиб туради. Тезда қизғин суҳбатга киришиб кетдик. Фидоий муаллимларнинг машаққатли меҳнати ва уларнинг иқтидорли шогирдлари дунёнинг кўпгина ривожланган давлатларида ўтказилаётган кўплаб фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлаётгани, нуфузли дипломларни қўлга киритаётгани, айнан мустақиллик йилларида вилоятда ва реслубликамизда халк таълими юксак даражада ривожланаётгани ҳамда бу соҳадаги айрим муаммолар ҳақида суҳбатлашдик.
Эртаси куниёқ Тўхтамурод Жумаев фахр ва ифтихор туйғулари ила ўзига хос билим маскани бўлмиш қадрдон мактаби ҳамда унинг фидойи муаллимлари билан бизни та- ништирди. Очиғини айтиш керакки, мактаб оддийгина бинода жойлашган эди. Ана шу шинамгина ўқув даргоҳида республикамиз шарафини дунёнинг турли мамлакатларидаги машҳур илм даргоҳларида ўтказилган фан олимпиадаларида муносиб ҳимоя қилаётган, шунингдек АҚШ, Япония, Италия, Франция, Туркия, Голландия каби давлатларда таълим олиб қайтаётган иқтидорли талабалар етишиб чиқаётгани таҳсинга сазовор. Бизнинг бу фикр- ўйимизни дарров илғаган Тўхтамурод ака:
— Домла, кўпчилик худди сиз ўйлагандек данғиллама иморатни кўрамиз, деб хаёл қилишади.Бироқ биз бошқалардан фарқ қилмайдиган билим даргоҳида ишлаймиз. Аслида биз учун шакл эмас, мазмун-мохият, иш самараси мухим, — дейди майин жилмайиб.
Яна бир муҳим нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, мактаб раҳбарининг хонасига кираверишда, хусусан, бу ердаги ўқитувчи ва мураббийлар учун аллақачон ҳикматли сўзларга айланиб қолган ва барча ота-оналар учун ҳам ибратли бўлган сўзларга кўзингиз тушади. Бу ерда шундай сатрлар битилган: “Хаётимиздаги энг асосий нарса нима, деган саволга ҳеч иккиланмай, болаларга мехр-муҳаббат, деб жавоб бераман”.
Бу сўзлар жасоратли муаллим ҳаёти ва фаолиятининг энг асосий мазмунига, умрининг шиорига айланган, десак ҳеч хам муболаға бўлмайди. Аслида ана шу сўзларнинг ўзиёқ каҳрамонимиз феъл-атворига, унинг меҳр тўла қалбига кириш, аммо гўзал бир чизгидир.
… Аввало мактаб тарихига назар ташлайлик.
Ўттиз йиллик иш тажрибага эга бўлган муаллим, ўз касбининг устаси, моҳир пе- дагог Тўхтамурод Муртазоевич Жумаев бундан чорак аср муқаддам — 1990 йилда ўзининг азалий орзусини амалга оширишга, Қоракўл туманида иқтидорли болалар мактаб интернатини очишга қарор қилди.
Илгари оддий ўрта мактабда математика ўқитувчиси бўлиб ишлаган кезларидаёқ Тўхтамурод муаллим ўз шогирдларининг ўқув дастури доирасида чегараланиб қолмаслиги, олган билимларини мустаҳкамлаши ва кенгайтириши учун бор куч-ғайратини сарфлар эди. Ўша йилларда чоп этилган “Ёш куч” журнали саҳифаларини варақлаб, бунга амин бўлиш мумкин. Бу нуфузли нашрнинг математика бўйича ҳар йили ўтказадиган республика олимпиадаларида Тўхтамурод Жумаев шогирдлари анъанавий равишда совринли ўринларни эгаллаб келишган. У сабоқ берган синфни битирган ўқувчиларнинг ҳам қарийб барчаси биринчи йилидаёқ олий ўқув юртларига кирар эди.
Меҳрибон муаллим қоракўллик ёшлар орасида математика ва физика каби аниқ фанларга иштиёқи кучли бўлган, бироқ оддий мактабда ўз ҳақиқий иқтидорини намоён эта олмаётган ўқувчилар жуда кўп эканини биларди. Чинакам иқтидорларни юзага чиқариш учун эса педагогик жамоанинг ўқув жараёнига тамомила янгича ёндашуви талаб этиларди, шунинг учун ҳам янги турдаги ўқув даргоҳи зарур эди.

ХОТИРА ҚАТИДАГИ ГАПЛАР

— Бунинг тарихи узоқ, — дейди Тўхтамурод Жумаев. — Ҳеч эсимдан чиқмайди, Бухо- ро давлат педагогика институтининг математика факультетига сиртдан ўқишга кириб, мактабда дарс бера бошлаган йилларим ўқувчилар орасида математикага қизиқади- ганлари кўп эди. Бироқ ўша кезлари иқтидорли ўқувчилар ҳам, паст ўзлаштирувчилар ҳам бир синфда ўқитиларди. Паст ўзлаштирувчилар билан ишлаётганимда иқтидорли ўқувчилар мустақил топшириқларни бир зумда бажариб бўлишарди. Уларнинг синф даражасида, муайян мавзулар асосида берилаётган билимдан сира қониқмаётганлари кўзларидан билиниб турарди. Бундай ўқувчилар билан дарсдан ташқари тўгаракларда машғулотлар олиб борардим. Аммо махсус кўлланмалар, етарли шарт-шароит йўқлиги боис, мақсадга етиб бўлмаслигини ҳам тушунардим.
Шундай бир даврда 1970 йили Тошкентда физика ва математика фанлари чуқур ўргатиладиган мактаб очилди. Ўшанда гўё менинг ҳам умидларим рўёбга чиқадигандек қувониб кетдим. Мактабнинг иш режалари, дарсликлари билан танишдим, муаллимлари билан тез-тез мулоқотда бўлиб турдим. Ўша маҳаллари менинг ўқувчиларим ҳам олимпиадаларда, кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаб, кўзга кўрина бошлаган эдилар. Ана шунда ниятларим янада қатъийлашди.
Бир куни кутубхонада математика фанига тааллуқли зарур адабиётларни излаётиб, қўлимга юнон файласуфи Афлотуннинг болалар тарбиясига оид бир асари тушиб қолди. Унда: “Фарзандларингизнинг илм ва адабини ўзингизнинг илм ва адабингиз билан чекламанг. Уларни келгуси замон учун тайёрланг. Чунки улар сизнинг замонангизга тегишли эмас, улар келгуси замон одамларидир”, деган ҳикматли сўзлар битилган эди. Бу сўзлар менинг тўғри йўлдан кетаётганимни яна бир бор тасдиқлагандек бўлди. Бу вақтга келиб менга ўзининг илми, маънавий-маърифий қарашлари билан дунёга машҳур бўлган Абу Али Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби бобоколонларимизга муносиб издошларни тарбиялаб вояга етказиш фикри ҳеч ҳам тинчлик бермай қўйган, амалда бутун ёду хаёлимни банд этган эди. бинобарин, бундан тўрт минг йил муқаддам кучли тараққий этган воҳа қадим Пойканд шаҳрида яшаган аждодларимиз авлоди бўлган, азалдан илм-маърифат ўчоғи саналмиш Бухорои шариф номи билан аталадиган вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи фарзандларимизнинг истеъдоди кучли бўлишига, буюк аждодлар иқтидори, ақл-заковати қондан-қонга ва суяк суриб ўз авлодларига ўтишига каттик ишонар едим

КЎҲНА ПОЙКЕНТДА ЯНГИ МАКТАБ ОЧИЛАДИ

Тўхтамурод муаллим бу мақсадини амалга оширишга қатъий киришди. Бунинг учун бир қанча идораларга мурожаат қилди, турли даражадаги амалдорлар эшигини қоқиб, уларни ўз эзгу режасининг тўғрилигига ишонтириш ҳамда мақсадини амалга ошириш йўлида кўмакчи бўлишга чақирди… Ҳеч ким уни қўллаб- қувватламади ва масалани ечиш учун амалий ёрдам бермади. “Мактаб-интернат очмоқчимисиз, марҳамат, тавак- кал қилиб ишни бошлайверинг, кейин кўрамиз, у ёғи бир гап бўлар”, дейишди.
Айни шу кезлари Республикамиз раҳбари сифатида эндигина ўз фаолиятини бошлаган Ислом Каримов таълим-тарбия ишларига жиддий ва мутлақо янгича ёндаша бошлаган эди. Давлатимиз раҳбарининг таълим-тарбияга бағишланган (“Ўқитувчилар газетаси”, 1989 йил 2 декабрь) фикрлари чоп этилиши ҳамоно мамлакат зиёлиларида, инчунин, ўқитувчиларда янгича кайфият, кўтаринки руҳ, келажакка ишонч пайдо бўла бошлади. Ўша мақолада шундай фикрлар бор эди: “Истеъдодли ва иқтидорли ёшларни излаб то- пиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг қобилиятларини ривожлантириш учун барча шарт- шароитларни яратишнинг республика тизимини ишлаб чиқиш керак. Махсус Республика фондини ташкил этиш ҳамда иқтидорли болалар учун мактаблар ва интернатлар тармоғини вужудга келтириш ана шу тизимга кирадиган масалалардан биридир”. Худди шу вақтда, аниқроғи, орадан бир ярим ой ўтиб — 1990 йил, 15 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг “Республикада иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган интернат-мактаблар очиш тўғриси- да”ги 32-сонли Қарори чиқди. Унда республикада халқ таълими соҳасида вужудга келган вазиятни тубдан яхши- лаш, касб-ҳунар таълимининг айни пайтдаги даражасини кўзда тутилган ва иқтидорли ўқувчиларга таълим-тарбия бериш масалаларига тамомила янгича ёндашилган эди.
Тўхтамурод Жумаев учун бу айни муддао бўлди. Республика раҳбарининг ана шу фикрлари ва унинг имзоси билан чиқарилган мазкур Қарор жонкуяр муаллимнинг ўз эзгу истагини, азалий орзусини амалга ошириши учун кенг йўл очди, дадил қадам ташлашига сабаб бўлди. Яна унинг сай-ҳаракати билан 1990 йил 14 февралда Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши ижроия қўмитасига мурожаат хати юборилди. Вилоят кенгаши ижроия қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг юқорида айтиб ўтилган Қарорига асосланиб, 1990 йил 28 апрелда махсус қарор қабул қилди. Унга мувофиқ Бухоро, Кармана (ҳозир Навоий вилояти таркибида) ва Қоракўл шаҳарларида иқтидорли болалар мактаб-интернатлари қурилишини бошлашга доир кўрсатма берилди.
— Ниҳоят, узоқ йиллик югур- югурлар, асаблар зўрикиши, беором тунлар бесамар кетмади, дейди Тўхтамурод Жумаев.
Юртимизда эндигина мустакиллик эпкинлари эса бошлаган даврга келиб — 1990 йил 1сентябрда шундай мактабни Қоракўл туманида ҳам очишга рухсат беришди. Шундай қилиб, 154-ихтисослаштирилган “Ёш физиклар ва математиклар” махсус мактаб интернатини ташкил этдик. Кувончларимнинг чеки йўқ еди…
“Ҳолва деган билан оғиз чучимас”, деган аҳли донишлар. Энди эзгу мақсадни амалга ошириш учун энг асосий нарса маблағни излаб топиш зарур эди. Шунда Тўхтамурод Жумаев таваккал қилиб, бироқ қатъият билан ишга киришди. Ўзининг бор шахсий имкониятларини ишга солди. Зарур маблағга эга бўлиш учун аввал енгил автомашинаси, кейин сигирини ва ҳатто айрим уй-рўзғор буюмларини ҳам сотди. Туман раҳбарларига ўз ғоясининг тўғрилигини исботлашга муваффақ бўлди. Унга мактаб- интернат ташкил этиш учун қаровсиз бир бинодан фойдаланишга рухсат берилди.
Бинони таъмирлаш ишлари ўгказилгач, барча қийинчиликлар ортда қолгандек, энди ишга киришса бўладигандек кўринганди. Тўғри, у мактаб битгач ҳам ҳамма иш “Хамирдан қил суғургандек” силлиқ кечавермаслигини яхши биларди.
Қийинчиликларга қарамай, қатьий ирода кучи билан буларнинг барига чидади, тоқат қилди. Шу тариқа, илк ўқувчилар йиғилди. Тўхтамурод Жумаев ўзи елиб-югуриб, қаерлардандир парта ўрнини босадиган темир столларни топиб келди, шинамгина ҳов- лида ўчоққа ўт ёқиб, болалар учун ўзи овқат тайёрлади, оила аъзолари эса унга мак- табнинг бошқа барча юмушларида кўмаклашдилар. Шундан сўнг туман марказидаги муаллимлар орасидан ҳам фидойилар топилди. Шундай қилиб, мактаб-интернат иш бошлади. Буни қарангки, юқорида айтиб ўтилган халқ мақоли ҳар доим ҳам ва барча ҳолатларда ҳам тўғри бўлавермас экан. Бу ҳақиқат оддий бир муаллим, аммо иродали, аниқ мақсад сари дадил интилувчан, тиришқоқ, айни пайтда ўзига хос ўжар феълли, фидойи инсон Тўхтамурод Жумаев томонидан амалда исботланди! Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, “Ёлғиз отнинг нафақат чанги, балки донғи ҳам чиқди”!..

Тасаввурлар ўзгарди…

“Интилганга толе ёр”, деб бежиз айтишмаган. Орадан уч йил ўтгач, мактаб-интернатнинг илк битирувчи — “қалдирғочлар”и мустақил ҳаётга кузатилди. Уч йиллик машаққатли меҳнатнинг илк самараси кутилганиданда зиёда бўлди. Айнан 1993 йилда, Ўзбекистон мустақиллигининг икки йиллиги байрами арафасида биринчи бор Тўхтамурод Жумаев ўз ҳамфикр сафдошлари билан илк катта ютуқни қўлга киритишди — мактаб-интернат битирувчиларининг 99 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди.
Энди эл орасида одамлар онгидаги: “Олий ўқув юртига фақат пулдорлар киради, пули йўқнинг фарзанди ўз билими билан ҳеч қачон ўқишга кира олмайди”, деган ўша пайтдаги ҳукмрон тасаввурлар барҳам топди. Ўқувчи ҳар томонлама мукаммал билимга эга бўлса, ўз олдига қўйган ҳар қандай эгзу мақсадга эришиши унинг ўзига боғлиқ экани амалда исботланди.
Тўхтамурод муаллим ва унинг мактабига, бу ерда сабоқ бераётган ўқитувчиларга бўлган муносабат ҳам янги ўқув йилидан бошлаб тубдан ўзгарди. Чунки ота-оналар бу мактаб ва бу муаллимларнинг нималарга қодирлигини амалда кўришди. Уларнинг бу мактаб интернат ҳақидаги тасаввурлари бутунлай ўзгарди. Оқкўнгил мактаб раҳбарининг ўз вақтида қилган ана шу эзгу нияти рўёбга чикди. Ота- оналар унга: “Фарзандимни мактабингизга олсангиз”, деб илтимос қилиб кела бошладилар. Интернатга автобус ва енгил машина сотиб олиш учун маблағ тўплаш зарур бўлганида ҳам ўз вақтида фарзандларини мактаб-интернатга беришни истамаган ота-оналар биринчи бўлиб маблағ йиғишди.
Мактабда ўқиш учун ўқувчилар йиғишда дастлабки пайтларданоқ ёзилмаган қонунга амал қилина бошлади — мактабга фақат энг муносиб, энг иқтидорли ўқувчилар кабул килинди.
Бундай укувчиларни одилона саралаб олиш учун улар тест синовларидан ўтказилди. Бироқ ҳеч кимга бирор-бир имтиёз, енгиллик яратилмади. Мана неча йиллар ўтибдики, шу қоидага қатьий амал қилинади…
Бугунги кунда Қоракўлдаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари республика олимпиадаларида фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, 1999 йилда мамлакатимизда “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинганидан сўнг, мактаб-интернат ўқувчилари учун чинакамига кенг йўл очилди улар халқаро миқёсдаги олимпиадаларда ҳам муваффақиятли қатнаша бошладилар.
1999 йилда биринчи ютуққа эришилди.
Мактабнинг юқори синф ўқувчилари — Умриузоқ Ғаниев, Мурод Умаров ва Умид Раҳмонов математика фанидан Руминияда ўтказилган 40-Жаҳон олимпиадасида илк бор иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашди. Уларнинг ҳар уччалови дипломга сазовор бўлишди. Бир йилдан сўнг Зулфиддин Камолов ва Умид Раҳмонов Жанубий Корея пойтахти Сеулда математика фани бўйича ўтказилган 41-Жаҳон олимпиадасида учинчи ўринларни эгаллаб, бронза медалларига сазовор бўлишди. Шу йили яна бир ўқувчи — Тоҳир Мирзаев ҳам Индонезияда ўтказилган 1-Осиё олимпиадасида қатнашиб, совринли ўринни эгаллади.
Ана шундан сўнг мактаб ўқувчиларининг жаҳон майдонлари сари йўл олиши одат тусига кирди. 2001 йилда мактаб-интернатнинг бир йўла 13 нафар ўқувчиси математика, физика ва кимё фанлари бўйича жаҳон олимпиадаларида иштирок этди. Уларнинг издошлари йил сайин кўпая бошлади.
Қоракўллик иқтидорли ёшларнинг чет элларда эришаётган ютуқлари юқори идораларнинг эътиборидан четда қолмади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2004 йилда мактаб-интернатнинг 6 нафар ўқувчисига қуйи синфларда дарс ўтиш ҳуқуқини берди. 2005 йилдаёқ бу ўқув даргоҳининг мамлакатимиз олий ўқув юртларида ўқиётган битирувчилари сони 400 нафардан ошган эди.
Мактаб-интернатдан илк битирувчилар чиқа бошлаган 1993 йилдан буён ўтган 22 йил мобайнида бу ўзига хос билим масканини 1649 нафардан зиёд ўқувчи битирди. Ҳозирда улар мамлакатимизнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари ҳамда жаҳоннинг машҳур университетларида ўқиб, юқори малакали мутахассис сифатида республикамиз халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилишмоқда.
Эндиликда мактаб-интернат ўқувчиларини чет элларда ҳам яхши билишади ва уларни “Қоракўллик истеъдодлар” деб атайдиган бўлишди. Тўхтамурод Жумаев шогирдлари Қоракўл туманининг номи ва шуҳратини жаҳонга ёйдилар. Ҳозирги кунда бу ўқув даргоҳини ҳақли равишда “Жаҳонга юз тутган мактаб” деб айтишади.

Мактаб академик лицейга айланди!

Мактабнинг моддий-техника, ўқув ишлаб чиқариш базаси аста-секинлик билан, босқичма-босқич яратилди. Кейинги йилларда бу ерда 360 ўринли ётоқхона биноси ва ошхона қуриб битказилди. 2009- 2010 ўқув йилидан бошлаб эса мактаб-интернатга Бухоро давлат университети ҳузуридаги академик лицей мақоми берилди ва у 450 ўринли икки қаватли янги бинога кўчиб ўтди.
Ҳозир республикамизда ўқув юртларига ҳомийлик ёрдами кўрсатишга кўп эътибор берилмоқда. Тўғри, бу академик лицей ҳам ҳомийлик ёрдами олиб турибди. Бироқ, айни бир вақтнинг ўзида лицей меҳнат жамоаси бу борада қўл қовуштириб турмай, ўзи ҳам даромад олиш манбаларини топишга интилмоқда. Икки гектарли ер участкаси серҳосил боғга айлантирилган. Ўқувчилар етиштираётган ҳосил уларнинг овқатлари турини кўпай- тиришдан ортиб, сотишга ҳам яраб турибди. Бу боғ лицейга йилига бир неча миллион сўм даромад келтиради. Юк машинаси, “Газел” автомашинаси, ўқувчиларнинг ота-оналари ҳомийлигида сотиб олинган “Отайўл” автобуси ва “Нексия” автомобили доимо лицей жамоаси хизматида. Ҳар йили ўқувчиларнинг
ота-оналари ҳомийлиги асосида лицейга 15 миллон сўмдан ортиқ маблағ тушади. Ишлаб топилаётган барча маблағлар ва ҳомийлик ёрдами энг яхши ўқитувчилар ва ўқувчиларни рағбатлантиришга, замонавий жиҳозлар, биринчи навбатда, компьютер техникаси сотиб олишга сарфланади.
Тўхтамурод Жумаев ўз мактабида янги педагогик технология афзалликларини амалда намоён этди.
Меҳнатсеварлиги, адолатпарварлиги, билимдонлиги билан доимо бошқа барча ўқитувчиларга ўрнак бўлиб келди. Айниқса, диёнат, ҳалоллик, тадбиркорлик ва ташки- лотчиликни сўзда эмас, амалда кўрсатди. Жамоа ўртасида аҳилликни, бир ёқадан бош чиқариб ишлашни йўлга қўйди. Ёшлар тарбияси давр талаблари асосида ташкил этилиб, миллий қадриятлардан ва замонавий таълим усулларидан моҳирона фойдаланилди.
Бугунги кунда академик лицейда 450 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олаяпти. Улар нафақат Қоракўлдан, балки Бухоро вилоятининг барча туманларидан, республикамизнинг 9 та вилояти ва пойтахт Тошкент шаҳридан келган илм толибларидир.
Бу еса мамлакатимизнинг турли гушалардан куплап иктидорли ёшлар ушбу мактаб сари интилиб бу ерда укишни орзу килаётканларидан яккол далолат беради.
Айни вақтда лицейга ҳар йилига 150 нафар ўқувчи қабул қилинади. Бир ўринга турли фанлар бўйича 15 нафардан 25 нафаргача даъвогар тўғри келади. Ўқув даргоҳига 4 та асосий йўналиш: иқтисодиёт, техника, тиббиёт ва қишлоқ хужалиги ижтимоий гуманитар йўналишлар бўйича қабул ўтказилади.
Айтишларича, бир йили Тўхтамурод Жумаевнинг ўз невараси ҳам синовлардан ўтолмай қолган. Шу сабабли ҳам қоракўлликлар: “Тўхтамурод муаллимнинг мактабига ўқишга киришдан кўра олий ўқув юртига кириш осон”, деб бежиз айтишмайди. Бу ўқув юртига ўқишга кирувчилар бошданоқ буюк юртдошимиз Имом ал-Бухорийнинг: “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмағай” деган ҳикматли сўзларини ўзлари учун шиор қилиб олишади.
Академик лицейда 53 нафар юқори малакали ва катта иш тажрибасига эга бўлган педагог меҳнат қилади. Ўқитувчилар фақат тест синовларидан муваффақиятли ўтганларидан кейингина ишга қабул қилинадилар. Муаллимларнинг бир нафари Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, бир нафари республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи, 31 нафари республика халқ таълими аълочиси, бир нафари республика касб-ҳунар таълими аълочиси, 29 нафари эса олий тоифали мутахассислардир. Айни пайтда лицей битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари 95 фоиздан юқори натижани қайд этмокда.

Ютуқлар сири нимада?

Мазкур билим маскани ўқувчиларининг кун тартибига кўз ташласангиз, уларнинг бўш вақти деярли бўлмаслигини кўрасиз. Дарслар, овқатланиш, синфдан ташқари тўгарак машғулотларининг барчасида дакиқаларигача аниқ белгиланган. Боз устига бу ерда деярли ҳарбийча катьий тартиб интизом ўрнатилган, барча топшириқлар ўқувчилар томонидан астойдил интилган ҳолда, жуда сифатли бажарилади. Айтайлик, шахмат ўйинига ружу қўйган одам қанчалик иштиёқ ва ғайрат шижоат билан харакат қилса, лицей ўқувчиларининг ҳам билим егаллашга, топишриқларни ўз вақтида уддалаб, масалаларни ечишга бўлган иштиёки шу қадар чегара билмайди.
Тартиб-интизом ва режадаги ишларни ўз вақтида адо этиш борасида мактаб раҳбари Тўхтамурод Жумаевнинг ўзи педагогик жамоага ўрнак. У ўта талабчан, айни вақтда ҳар бир ўқитувчи ва ўқувчига жуда эътиборли. Тўхтамурод муаллим тадбиркорлик қобилиятини ривожлантириш учун уларнинг қалбига чўғ ташлай олади. Бу ердаги муаллимларнинг барчаси мактаб раҳбари билан ҳамфикр ва ҳамнафас инсонлар. Машғулотларни олиб бораётган ўқитувчилар хам мамлакатимиз олий ўқув юртларида тайёрланган мутахассислардир.
Шундай экан, табиий савол тугулади: оддий бир қишлоқ мактабининг таълим-тарбия борасида ва бошқа муҳим соҳаларда бу қадар катта ютуқларга, чинакамига юксак натижаларга эришаётгани сири нимада?
Бу бир қанча омиллар билан боғлик:
Биринчидан, академик лицейда ишлаш учун ўқитувчилар ҳам танлов асосида кабул килинади. Демакки бу ўкув даргоҳида ишлашга талабгорлар кўп. Яъни ўқитувчилар ҳам бу билим маскани сари ўзлари интиладилар. Шу боисдан ҳам муаллимлар сафидан жой олишгач, улар фидойилик кўрсатиб ишлайдилар.
Иккинчидан, ўқитувчиларни иқтисодий ва маънавий рағбатлантириш яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир ўқитувчи ва мураббийнинг йил давомида эришган ютуқлари ҳисобга олиниб, белгилаб борилади. Ҳукуматимизнинг “Ўқитувчилар меҳнатига қўшимча устама ҳақ тўлаш тизими”дан оқилона фойдаланган ҳолда ўқув йили жараёнида муаллимларга “Энг яхши ўқитувчи”, “Энг яхши гуруҳ раҳбари”, “Энг яхши мураббий” номинацияларида мукофот пуллари ажратилади. Ўқитувчиларга 40-50 фоиз устама ҳакдан ташқари, уларнинг вилоят, республика ва жаҳон фан олимпиадаларида совриндор бўлган шогирдлари учун тегишли равишда 200 минг сўм, 500 минг сўм ва 1 миллион сўм миқдорида рағбатлантирувчи пул мукофотлари берилади.
Учинчидан, лицейда таълим тарбия жараёни омилкорлик билан бошқарилади. Билим масканида эришилган барча ютуқлар жамоага оқилона раҳбарлик қилиб келаётган “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, республика халқ таълими аълочиси, олий тоифали ўқитувчи Тўхтамурод Жумаев фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир, албатта. Айнан унинг бошқарувда изланувчанлиги, ташаббускорлиги, жамоани аниқ мақсад сари дадил бошлай олиши ва шахсий ибрати салмоқли ютуқларга эришишга, пировард натижада ўқув юртининг илғор педагогик жамоага айланишига олиб келди.
“Шахсий ибрат” деб бежиз таъкидламадик. Академик лицей раҳбарининг ўзи ўқитувчилар орасида педагогик маҳорати бойлиги, ўз устида тинмай ишлаши, таълим жараёнида янгиликларни излаб топиб, амалда қўллаши, ўзи ўқитаётган синф ўқувчиларидан кўплаб вилоят, республика ва жаҳон фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлай олгани билан барчага ҳақиқий намунадир. Табиийки, бундай раҳбарнинг ортидан эргашувчилар кўп бўлади.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, лицейда ўқув дастурлари Давлат таълим стандартлари, республикамиздаги илғор педагогик ғоялар ва жаҳондаги энг тараққий этган мамлакатларнинг таълим соҳасидаги ютуқлари асосида ишлаб чиқилиб, миллий қадриятлар билан бойитилади.
Тўртинчидан, таълим-тарбиядаги энг эътиборли иш усулларидан бири ўқитувчи билан ўқувчи ўртасида самимий ва дўстона муносабатлар ўрнатилганидир. Жамоада ўзаро бир-бирига кўмаклашиш ва айни чоғда бир-бирини назорат қилиш имконияти яратилган. Дарсларда ва бошқа барча қўшимча машғулотларда ўқувчининг психологик ҳамда ижодий эркинлиги таъминланган. Бу эса ўқитувчи томонидан иш жараёнида айрим камчилик ва куполликларга йул куйилишига унинг ҳатти-ҳаракатидан норозиликлар бўлишига батамом бархам беради. Лицейнинг педагогик жамоасида чинакам ижодий муҳид шаклланган бўлиб, бу ерда ҳамкорлик, яратувчилик, самимийлик, ўзига ишонч руҳи мустаҳкам қарор топган. Юқорида келтириб ўтилган тўрт асосий омил ўзига хос ички ривожланиш моделини ташкил этади, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди, уларнинг барчаси бир – биридан зарур ва муҳим. Айнан шу омиллар билим даргоҳида эришилаётган беқиёс ютуқларга, машаққатли меҳнат самараларига асос бўлмоқда. Академик лицей ўқувчиларининг кейинги йилларда эришаётган ютуқлари ҳам ҳайратингизни оширади, уларга таҳсин айтмай иложингиз йўқ. 2009 – йил германиянинг Бремен шаҳрида Дунёнинг 104 та мамлакатидан 600 дан зиёд математик қатнашган математика бўйича 50 – Ҳалқаро олимпиадада академик лицей ўқувчилари Аброр Пирнафасов ва Азизхон Назаров бронза медалларига муносиб кўрилдилар.
2010 йил январь ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида физика- математика фанлари бўйича ўтказилган, 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашган VI Жаутиков номидаги халқаро олимпиадада академик лицейнинг тўрт нафар вакили қатнашиб, икки ўқувчи — Азизхон Назаров математика бўйича бронза медалига, Феруз Султонов физика бўйича дипломга сазовар бўлдилар. Ўша йили июль ойида шу мамлакат пойтахти — Остона шаҳрида математика бўйича ўтказилган 51-Жаҳон олимпиадасида ҳам Азизхон Назаров муваффақиятли иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди. 2011 йили Голландияда математика бўйича ўтказилган 52-Жаҳон олимпиадасида Жавлон Исамуродов бронза медалига муносиб кўрилди. 2012 йили Қозоғистонда кимё фани бўйича ўтказилган 46-Жаҳон олимпиадасида Зуфар Бобоев дипломга сазовор бўлди.
— Президент Ислом Каримовнинг: “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, доно, билимли ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт”, деган чуқур маъноли сўзлари ҳеч қачон фикру ўйимни тарк этмайди, — дейди академик лицей раҳбари Тўхтамурод Жумаев.
— Бу сўзлар, менинг назаримда, ҳар бир тарбиячи, мураббий, ҳар бир ўқитувчи, таълим соҳасида ишловчи ҳар бир ходим учун энг муҳим шиор, энг зарур кўрсатмадир. Ўқувчиларимизнинг нуфузли халқаро фан олимпиадаларида доимо совринли ўринларни эгаллаб келишаётгани бунинг яққол исботи бўлиб, қалбимизни ғурур ва ифтихор туйғуларига тўлдиради. 2013 йилда Ўзбекистонда ўтказилган кимё фани бўйича навбатдаги 47-Жаҳон олимпиадасида ўқув юртимиз вакиллари Азиз Ҳамроқулов, Сунатилла Файзиев ва Рустам Ҳазратқулов бронза медалларини қўлга киритишди. Академик лицейимиз учун яна бир қувончли воқеа рўй берди. Энг иқтидорли ўқувчиларимиздан бири Нафосат Жўрабекова ЗУЛФИЯ номилаги давлат МУКОФОТИГА муносиб кўрилди.
Эришаётган барча ютуқларимиз замирида Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасига, ёшларимизга бераётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги мужассам. Чунончи, билим масканимизга академик лицей мақоми берилиб, ўқувчиларимиз янги, муҳташам бинога кўчиб ўтганлари ҳам бунинг ёрқин далилидир. Ўқув даргоҳимиз жамоаси ҳаётидаги бу каби барча қувончли воқеалар биз, таълим ходимлари зиммасига ҳар қачонгидан кўра ҳам катта масулият юклайди.
Ҳа, ўта талабчан ва адолатли, айни пайтда ғамхўр ва тиниб-тинчимас раҳбар, жонкуяр ва меҳрибон мураббий — устод Тўхтамурод Жумаевнинг иқтидорли шогирдлари йилдан-йилга ана шундай катта ютуқларга эришиб, ўз билимларини янада бойитиб, айни вақтда Ўзбекистон номини улуғлаб ва жаҳонга ёйиб келишмокда.

Олимжон Назаров
Ўзбекистон журналистлар
ижодий уюшмаси аъзоси.

Posted in Intervyu, OAV biz haqimizda, yangiliklar 2 | Comments Off on МАКТАБ ЯРАТГАН МУАЛЛИМ! (ОЧЕРК)

Юксак эътироф

Нафосат Жўрабековага кўпчилик тенгқурлари ҳавас қилади. Негаки, бултур бу қиз ўқишга кириш учун бир ўринга саккиз-тўққиз киши даъвогар бўлган Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 3-сон академик лицейга имтиёзли асосда қабул қилинди. Нафосат тумандаги 52-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ўқиркан, 2011 йилда ўтказилган «Билимлар синови» танловида инглиз тили фани бўйича вилоят босқичида биринчи, ўтган йили эса фан олимпиадасида рус тили йўналишида иккинчи ўринни эгаллагани боис ана шундай имкониятга эга бўлди.

Нафосат ўта зеҳнли, илм­га чанқоқлиги билан кўпчиликка ўрнак,—дейди академик-лицей адабиёт муаллимаси Дилфуза Хўжаева.—Дунёқараши, қизиқиш доираси кенг. Мусиқа ва спортга ҳам меҳр қўйган. Бадиий китобларни кўп ўқийди. Асарларни таҳлил ва тал­қин қила олади. Ўзи ҳам ижодкор.

Дарвоқе, у бадиий таржимонликда яхшигина қобилиятга эга экан. Нафосат рус ва инглиз халқ эртакларини ўзбекчага ўгирган. Унинг ижодкорлар эътиборини тортган машқлари «Беғубор олам» номи билан бултур нашр этилди.

Умуман, ўтган йил бу қиз учун омадли келди. У “Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг «Келажак овози» кўрик-танлови вилоят бос­қичида наср номинациясида биринчи ўринни эгаллаб, республика финал босқичида қатнашди. Мустаҳкам оила йилига бағишлаб ўтказилган «Нафосат ғунчалари» кўрик-танловининг туман босқичида ғолибликни қўлга киритиши, «Мустаҳкам оила—оқибатли болалар» шиори остидаги иншолар танлови республика босқичида иккинчи ўринга лойиқ кўрилиши Нафосатнинг ўзига хос қобилиятга эгалигидан дарак беради.

Ижтимоий фаоллик ҳам бу қизнинг яна бир эътирофли жиҳати. Унда такшилотчилик истеъдоди бор. Икки йил давомида «Камалак» болалар ташкилотининг Қоракўл туман сардорлар кенгашини бошқарган жамоатчи ўқувчи бугунги кунда академик лицейда «Камолот» бошланғич ташкилотига раҳбарлик қилмоқда.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топиши, чуқур билим эгаллаши ва ўз қобилиятини намоён этиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани муносиб самарасини бермоқда. БухДУ ҳузуридаги 3-академик-лицей ўқувчиларининг республика, жаҳон фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришаётгани бунга яққол далил.

Куни-кеча республикамиз Президенти Фармонига кўра юртимизнинг билимга чанқоқ, ижтимоий фаол, истеъдодли ёшлари қаторида мазкур ўрта махсус таълим муассасаси биринчи босқич ўқувчиси Нафосат Жўрабекованинг Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ топилгани нафақат лицей, балки вилоят ёшлари ҳаётида катта воқеа бўлди.

Posted in Yangiliklar | Leave a comment

Таълимдаги ислоҳотлар – юксак марралар сари элтади!

Бугун юртимиз таълим тизимида ўрта махсус, касб –ҳунар таълими тизими салмокли ўринга эга . Таълим тизимида белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилиб, турли жабхаларда юксак марралар забт этилмокда. Мустақиллигимиз шарофати ва юртбошимизнинг ёшларга бўлган юксак эьтибори туфайли 2009 йилда Қоракўл туманидаги 1- ихтисослаштирилган иктидорли болалар мактаб интернати Вазирлар махкамасининг 2009 йил 21 август № 243–сонли карори билан Бухоро давлат университети қошидаги 3-сон Қоракўл академик лицейга айлантирилди. Айни пайтда таълим муассасасида аниқ фанлар, табиий фанлар, ижтимоий гуманитар фанлар йўналишида I – II- босқичлар 10 та гурухда 300 нафар қобилиятли йигит қизларга 35 нафар ўз фанининг фидоийси бўлган педагог ходимлар таълим – тарбия бериб ,билим сирларинини ўргатиб келмоқдалар. Continue reading

Posted in Intervyu, Yangiliklar | 1 Comment

Академик Лицейнинг очилиш маросимидан лавхалар…

pict0258.JPG Continue reading

Posted in Maktabimiz haqida | Leave a comment